Yetmishinchi yillarning ikkinchi yarimi(1976 - 1979). Шароф Рашидов ҳақида тақризлар
Шараф Рашидовнинг турли хил одамлар орасида қандай обрў-эътиборга эга бўлганлиги тўғрисида кўплаб мисоллар бор. Улардан бири ҳақида С.Ризаев шундай хотирлайди: “Шароф Рашидовнинг ўзига хос феъл-атвори бўлиб, у ҳамиша одамлар даврасида эди. Мен у киши билан Ховос туманидаги санаторийнинг очилиш маросимига бирга бордим. Йўлда бизга уч фарзандли ўзбек аёли дуч келди. Унинг қўлида нон ва узум. Шароф Рашидович уни кўрдию, машинани тўхтатди.
Унга яқинлашаркан, аёл нон ва узумни унга узата туриб, шундай деди: “Шароф Рашидович, биз каби меҳнаткаш аёллар тўғрисида ғамхўрлик кўрсатаётганингиз учун сиздан беҳад миннатдормиз. Сиздан илтимосим, болаларимнинг пешонасидан ўпиб қўйсангиз!” .
Шараф Рашидович унинг талабини адо этди, чексиз меҳр билан унинг болаларини ўпиб қўйди. Бу ҳолатдан кўзимга ёш келди. Бу “саҳна”ни ҳеч ким аввалдан тайёрламаган эди. Бу унинг оддий халқ билан муносабатини кўрсатувчи юзлаб воқеалардан бири эди. Ўзбек халқида “ҳалол” деган ажойиб сўз бор. Одатда бу таърифни инсонга нисбатан қўллаганда, гард юқмайдиган, заррадай соф, беғубор маъносини англаймиз. Менинг хотирам ва тасаввуримда Шароф Рашидович худди шу қиёфаси билан муҳрланиб қолган”.
Ҳар қачонгидек, ҳатто етмишинчи йилларда кўплаб оддий одамлар онгида ҳокимият тепасида турган, “қизил бойлар” деб аталган шахсларга нисбатан мустаҳкам нафрат шаклланган бўлса-да, Шараф Рашидовга нисбатан омманинг меҳр-муҳаббати йўқолмаган эди. Ҳатто ўша даврда совет жамиятида мавжуд бўлган салбий ҳолатлар билан боғлиқ шубҳа ҳам бунга соя туширолмасди.
Шароф Рашидов ҳақидаги эътирофлар ҳаттоки умрининг сўнги лаҳзаларида ҳам ёзилган эди.
“Ҳурматли Шароф Рашидович! Фикрлаш масштаби, меҳнатсеварлик, ақл-заковат, ривожланиш, истеъдод, одамларни уюштира олиш ва ўз ортидан эргаштира олиш қобилияти жиҳатидан сизнинг Ўзбекистонда тенгингиз йўқ. Сиз халқнинг ичидан чиққан инсонсиз. Ҳеч ким сизчалик дўстликни қадрламаса керак, сизчалик одамларни севмаса керак. 10 йил мобайнида сиз билан мураккаб масалаларни ҳал қилиш нақадар осон эканлигига, сизнинг ҳарбий кийимдаги кишиларга қандай ғамхўрлик ва меҳр кўрсатишингизга амин бўлдим. Ўзбекистон тарихида сиз ўчмас ва унутилмас из қолдргансиз. Сиз денгиздаги айсбергга ўхшайсиз — фақат бир қисми кўринади, аслида эса анча чуқур ва буюксиз.
Сизнинг оилангиз ибратли ва фахрланишга муносиб. Мен ҳурмат қиладиган Володя, Ҳурсан Ғафуровна ва барча яқинларингиз ушбу мактубни ўқишсин, болалар ва набираларингиз эса хотирласин — оталари ҳақида менинг фикрим нимадан иборат бўлганини, юрагимнинг сўнгги уришигача ҳурматим чексиз бўлганини ҳис қилишсин. Шуниси беҳад афсусланарлики, сиз билан видолашиш жуда оғир! Аммо бундан қочиб қутула олмаймиз! Тақдири азал шундай. Алвидо, мен учун қадрли инсон, алвидо, сизнинг оила аъзоларингиз!”, деб ёзади Туркистон ҳарбий округи генерали Белоножко.



