МОЛОДОСТЬ (1917 - 1941). Первые стихи
ЎЛКАМ
Юракда ишонч уйғотган
Ватан – боғим, ҳузуримдир.
Ҳаётимни бол қилиб берган,
Ки, бахт тоғим, ғуруримдир.
Ғуруримсан, азиз ўлкам,
Сен илҳомим, суруримсан.
Юзимга сен зиё бердинг,
Кўзимда чақнаган нуримсан.
Бўлур кўз-кўз жаҳонларга,
Шараф-шоним ва донғимсан!
Ҳаёт бердинг ва онг бердинг,
Ки, бахтимсан, чиройимсан.
Ёзар япроқ улуғ орзу.
Кулар иқболи ойимсан.
Бўлур мўл нозу неъматлар,
Оқар чашмаю сойимсан.
Қуёш, Ойга ҳусн берган
Баҳор, гул чиройимсан,
Олов илҳому онгимсан!
Чаман ўлкам, қуёш ўлкам,
Баҳор бўлиб ўтар йиллар.
Боғу бўстон, тоғи кўркам,
Ўсар райҳону жамбиллар.
Ҳаётнинг бунда завқи бор,
Фароғатда яшар эллар.
Турмушнинг завқ-лаззатини
Куйлагай, армони йўқ диллар.
Илҳом топар дилда, ўлкам,
Сен қўшиғу оқ тонгимсан!
Самарқанд, 1940 йил, 12 февраль
МЕҲНАТИМ
Сен дедим бўлди ҳаёт бол, сен ҳузурим, меҳнатим,
Сен билан яшнайди иқбол, сен сурурим, меҳнатим.
Дилга ишқ, тилга қўшиқ бўлган ғурурим, меҳнатим,
Ҳам ғурурим, ҳам сурурим, ҳам ҳузурим, меҳнатим!
Ой этиб кўз-кўз қилурман, меҳнатимнинг завқини,
Пок муҳаббат чашмаси, шон меҳнатимнинг шавқини.
Бир умр ўчмас, тугалмас дилларимнинг ёлқини,
Ҳам ғурурим, ҳам сурурим, ҳам ҳузурим, меҳнатим!
Сен гўзалсан, сен асалсан, аҳду паймоним сенга,
Чўл, биёбон гулга тўлсин, орзу-армоним сенга,
Қонга ботсин, ёв қирилсин, дилда фармоним сенга,
Ҳам ғурурим, ҳам сурурим, ҳам ҳузурим, меҳнатим!
Сен билан очдим кўзимни, сен билан бўлдим азиз,
Сен билан кулди диёрим, сен билан турмуш лазиз.
Сен билан олам ёруғ, сен бердинг менга нону туз,
Ҳам ғурурим, ҳам сурурим, ҳам ҳузурим, меҳнатим!
1938 йил
ГУЛ ДИЁРИМ БОР
Қуёшни ўзга жазм этган
Боғим бор, гул диёрим бор.
Диёрим ишқидан куйлар
Куйим бор, бастакорим бор.
Қуёшдай сочиб ёғду
Куларман, меҳрибоним бор.
Кулиб боққан тўлин ойдек
Тўларман, жонажоним бор.
Дилимга ишқи жо ҳар дам,
Ҳур ўлкам – гул Ватаним бор.
Бу чаманда бахтиёрман,
Боғим бор – шўх чаманим бор...
Самарқанд, 1938 йил, 12 июнь
ВАТАН ИШҚИ
Эрта тонгда уфқдан боқар,
Сочин тараб нурафшон қуёш.
Унга суқ-ла термилар башар,
Чунки қуёш биз билан тенгдош.
Бизга жилва қилгандай юлдуз,
Нозланадир бахтин тон гида.
Посбонимиз кечаю кундуз,
Ишқи янграр қалб оҳангида.
Саодатим нурдай товланур,
Бизга боққан завқ ила Ватан.
Унга менинг муҳаббатим зўр,
Фидо бўлсин унга дону тан.
Олов ёшлик арадир жавлон
Кенг фазони қамал қилишга.
Ватан ишқи ундар бегумон,
Лочинлардай учқур бўлишга.
Мана шундай бу бизнинг ҳаёт,
Кундан-кунга олға кетажак.
Илҳомимга бериб зўр қанот,
Мамлакатим гуллар тутажак!
Жиззах, 1937 йил
ҒУНЧА
Менга, гўзал, юбординг,
Оқ шоҳидан рўмолча.
рўмолчага солинган
Кўп чиройли бир ғунча.
-Ғунча,- дебсан,- иккимиз -
Меҳр қўйган чин ҳаёт.
Ғунчани узмоқ истар,
Ажал олиб келган ёт.
Ғунчани қил ҳимоя,
Жоним, сендан сўроғим.
Мен - бир чаман, сен - боғбон,
Асра, уни чироғим.
Зафар учун яшайман,
Жангда туғилсин иқбол.
Ўн еримдан ўқ есам,
Ёв олдида бўлмай лол.
Жанг ичида, гўзалим.
Олов бўлиб ёнаман.
Ажал келтириб ёвга,
Тўлқин бўб тўлғонаман.
Меҳр қўйган чин ҳаёт -
Сен юборган гулғунча.
То ўлгунча асрайман,
Гул бўлиб очилгунча.
Ғарбий-шимолий фронт,
1942 йил, 6 ноябрь



